Хитой ҳарбий салоҳиятини ўстириш доирасида янги қурол тизимларини ишлаб чиқмоқда, бу эса АҚШнинг хавотирига сабаб бўлмоқда. Аммо, The National Interest нашри таҳлилчиси Кайл Мизокамининг фикрича, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини J-20 5-авлод қирувчилари ёки Дунфэн-21 (DF-21) кемаларга қарши баллистик ракеталари биринчи ўринда безовта қилмаслиги керак.

“Хитой Халқ озодлик армияси ихтиёридаги бошқа, бутун бошли қурол тоифаси борки, у янада кўпроқ хавотирга сабаб бўлиши керак. Айрим қуроллар ҳақида маълумот топиш қийин, бошқалари эса кўринадиган жойларда турибди. Айримлари қарши АҚШда етарли даражада имконият йўқ, айримлари эса мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни акс эттиради”, – дейди журналист ўз мақоласида.

Унинг фикрича, АҚШ Хитойнинг ўта хавфли бўлган камида 5 турдаги қуроли ҳақида тамоман унутиб қўйди. Биринчи ўринда у ҳарбий космик тизимларни тилга олиб ўтди. Хитой томонидан бу технологиянинг ривожлантирилиши, таҳлилчининг фикрича, АҚШни “кар, кўр ва соқов” қилиб қўйиши мумкин. Айнан ҳарбий сунъий йўлдошлар тизими АҚШ армиясига ўзининг ва душманнинг ўрнини бутун жаҳон бўйлаб тўғри аниқлашга, ахборот алмашишга имкон бермоқда. ХХР сунъий йўлдошларга қарши қурол яратса, АҚШ бу борадаги устунлигидан маҳрум бўлади.

Иккинчи ўринда Хитойнинг ишлаб чиқариш базаси турибди. Хитой, илгаригидай, “жаҳон фабрикаси” бўлиб қолмоқда: у ерда “ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган” барча нарса ишлаб чиқарилади. Ўтган йили мамлакатда кунига 540 минг iPhone ишлаб чиқарилар эди. Ушбу технологиялардан фойдаланган ҳолда улкан тезликда ҳарбий либослардан тортиб гаубицаларгача бўлган ҳарбий анжомларни ишлаб чиқариш қийинчилик туғдирмайди.
Хитойнинг навбатдаги устун жиҳати унинг инсоний ва кадр ресурсида кўринади. 2020 йилга келиб мамлакатда коллеж битирган 195 млн одам бўлади. Уларнинг барчаси ҳам иш топа олмаслиги мумкин, ана ўшанда Хитой армиясига уларнинг билимлари асқатади. Ёш кадрлар, ўз навбатида, қўшинларнинг технологик даражасини кўтаради.

Тўртинчи таҳдид сифатида Мизоками денгиз миналарини тилга олди. Хитой армияси нафақат сув ости кемалари, балки денгиз авиацияси ёрдамида улкан ҳудудларга миналар ўрната олади, бу эса АҚШ флотига жиддий қийинчиликлар туғдиради.

Ниҳоят, бешинчи таҳдидни Хитой махсус отрядлари ташкил этади. Ҳозирликда махсус қўшинлар шахсий таркиби 20-30 минг кишидан иборат. Халқ озодлик армияси жангчиларининг умумий миқдори эса 3.2 млн кишига етади. Ҳозирликда Хитой махсус қўшинлари ҳақида маълумот кам, аммо келажакда улар кўпсонли ва жиддий кучга айланиши эҳтимоли бор.