АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трамп Айова штатидаги Де-Мойн шаҳридаги ярмаркадаги нутқи давомида президентлик сайлови кампаниясига “зарурият туғилса” 1 млрд доллар сарфлашга тайёрлигини маълум қилди.

“Нима фарқи бор, ахир мен йилига 400 млн доллар топаман”, деб айтди Трамп.

Трамп бизнесининг асосини девелоперлик йўналиши ташкил қилади.   

Шунингдек, у ўз нутқи давомида “бутун умри давомида ўзи нима истаса Конгрессни шуни қилишга мажбур қилганини”, ноқонуний муҳожирликнинг олдини олиш учун Мексика чегарасида девор қуриш кераклигини айтди ҳамда Барак Обама томонидан амалга оширилган тиббий суғурталашдаги ислоҳотларни “фалокат” деб атади.  

Июль ойида Трамп Федерал сайлов комиссиясига ўз активлари ҳақида ҳисобот топширганда, активлари 10 млрд долларни ташкил қилишини айтган. Бу орада турли нашрларнинг ҳисоб-китобларига кўра, тадбиркорнинг асл давлати анча камроқни ташкил қилади. Мисол учун, Forbes унинг бойлигини 4,1 млрд доллар, Weath-X портали 4,2 млрд доллар, Bloomberg агентлиги 2,9 млрд доллар атрофида баҳоламоқда.