Таиланд мудофаа вазири Правит Вонгсуван Бангкокдаги портлаш ташкилотчиларининг мақсади мамлакат иқтисодиёти ва сайёҳликка зарба беришдан иборат бўлган, деб айтди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.

“Жиноятчилар иқтисодиёт ва сайёҳликни барбод қилишмоқчи бўлди, шунинг учун ҳам улар портлаш жойи сифатида сайёҳлик ҳудудининг марказини танлашди”, деб айтди вазир.

Портлаш Бангкокдаги энг яхши меҳмонхоналар, савдо марказлари, офислар ва шифохоналар ёнидаги гавжум чорраҳада тўрт юзли Брахма – Erawan Shrine’нинг ҳайкали ёнида содир этилди. Ушбу ҳайкал айниқса Шарқий Осиё ва Хитойдан ташриф буюрувчи сайёҳлар орасида энг оммалашган диққатга сазовор жой ҳисобланади.

Мамлакат ҳукумати портлашга қарши жавоб чораларини мувофиқлаштириш бўйича махсус комиссия ташкил қилмоқчи.

Аввалроқ портлаш қурбонлари сони 27 кишига етгани маълум қилинганди.