Хитойнинг ўтган ҳафтанинг чоршанба куни техноген фожиага учраган Тяньцзин шаҳридан эвакуация қилинган одамлар душанба куни ҳукуматдан ҳукуматдан товон пули тўлашни талаб қилиб чиқди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.

Фожиа қурбонлари сони 114 кишига етди, 95 киши дом-дараксиз кетган деб ҳисобланмоқда. 722 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Портлашлардан энг йиригининг қуввати тротил эквивалентида 21 тоннага тенг бўлди.
Портлашлар туфайли атрофдаги уйларда ёнғинлар келиб чиқди, портлаш зарби дераза ойналарини синдириб туширди.

Ҳукумат вакиллари журналистлар билан матбуот анжумани ўтказган меҳмонхона эшиклари олдида 200га яқин одам тўпланиб, аҳоли кўрган зарарни қоплашни, уйларини таъмирлаб бериш ёки сотиб олишни талаб қила бошлади.
“Бу намойиш эмас. Биз шу йўл билан ҳукумат эътиборини қаратмоқчимиз, холос. Шу пайтгача ҳукумат бизни пайқамади гўё”, – деди акция фаолларидан бири.