Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида яна бир портлаш енгил метро станцияси яқинида содир бўлди, жабрланганлар ҳақида ҳозирча маълум қилингани йўқ, дея хабар бермоқда Франс Пресс агентлиги.

“Ҳеч ким жароҳатланмаган. Ҳодиса яқинидаги полиция портловчи ускуналарни қидирмоқда”, дея маҳаллий полиция ходими сўзларидан иқтибос келтирилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 17 август куни ҳам Бангкокнинг савдо-сотиқ ва сайёҳлик марказидаги Ратчапрасонг чорраҳасида портлаш содир бўлган эди. Қўлбола радиобошқарувли портловчи модда Хитой, Сингапур ва тайванлик сайёҳлар гавжум бўлган тўрт бошли фил кўринишидаги Эраван илоҳи яқинида ҳаракатга келтирилган эди. Оқибатда 20 киши ҳаётдан кўз юмди.

Бугун, 18 август куни номаълум эркак Таиланд пойтахтидаги кўприк устидан дарё ёқасидаги пристанга граната ташлаган эди. Бахтли ҳодиса туфайли граната сувга тушиб портлаган. Жабрланганлар йўқлиги айтилган.