Boeing сувости кемасига айланувчи дронга патент олди

Технология 18 Август 2015 2795

Жорий йилда аввалроқ АҚШнинг Патент бюроси Boeing компаниясидан “суқ транспортига тез айланувчи ҳаво кемаси”га патент олиш учун ариза олган эди. Бошқача айтганда, Boeing сув ости кемасига айланувчи масофадан бошқарилувчи дронга патент олди. Қуйида унинг қандай ишлаши келтириб ўтилган.

Boeing ғоясига кўра, дрон керакли жойга махсус самолёт-ташувчида етказилади. Шундан кейин дрон ундан ажралиб, ўзи мустақил парвоз қилишда давом этади. Бунда агар зарурият пайдо бўлса, у сув остига шўнғиши мумкин бўлади.

Дрон вазни камайиши ва гидродинамик хусусиятлари яхшиланиши учун сувга шўнғигандан кейин портловчи болтлар ва сувда эрувчи елим ҳисобига қанотлари ва парракларидан айрилади. Улар ўрнига сув остида ҳаракатланиш учун пропеллер ва рул пайдо бўлади.

Компания вакилларининг таъкидлашича, дрон ҳавода ҳам, сувда ҳам битта двигателдан фойдаланади. Бу двигателнинг кўрсаткичлари ошкор қилинмаяпти.

Дрон сув остида ўзидаги фойдали қурилмалар – таъминлаш жиҳозлари ва қуролни ёза олади. Бундан ташқари, дрондан сув ости разведкасида фойдаланиш мумкин. Дрон сув ости режимида шўнғиш чуқурлигини назорат қилиш учун ички ўрнатилган балласт цистерналардан фойдаланади.

Дрон сув остида ўз вазифасини бажаргандан кейин сув юзасига қалқиб чиқиб, йиққан маълумотларини бошқа дронларга ёки қўмондонлик пунктига узатади.

Кўпчилик патентлар каби бу дрон ҳам ҳозирча фақатгина қоғоздаги бир ғоя бўлиб, ҳали рўёбга чиқарилмаган. Бироқ агар Boeing бу ғоясини охиригача пухталик билан етказиб, уни ишлаб чиқаришни бошласа, унга албатта харидорлар топилиши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар