Покистон мустақиллик кунини нишонламоқда

Жаҳон 18 Август 2015 2102

14 август куни Покистон мустақилликка эришганининг 69-йиллигини нишонлади.
Ушбу кунда Исломободда 31 марта, вилоятлар марказларида 21 марта тўплардан отилди. Сана муносабати билан одамлар кўчаларга миллий байроқлар билан чиқишди. Экспертларнинг таъкидлашича, охирги ўн йил ичида ушбу байрам бу қадар кенг миқёсда нишонланмаган эди.

“Мустақиллик куни бутун мамлакатда, Ҳайбар водийсидан федерал бошқарувдаги қабилалар ҳудудигача байрам қилинди”, – дейилади Mashriq газетасида.
Маҳаллий журналистларнинг фикрича, мустақиллик байрамининг бу қадар кенг нишонланиши кўп жиҳатдан террорчилик устидан қозонилган ғалаба билан боғлиқдир. Таъкидланишича, ҳукумат мана курашдаги ютуқларини мустақиллик билан боғлашга ҳаракат қилмоқдалар.

“Ўн йилдан сўнг кўчаларга рекорд миқдордаги одам чиқди, ва бу террорчиларнинг умуртқасини синдирган “Зарби Азб” ҳарбий амалиёти шарофатидир”, – дейилади Mashriq’да.
Мустақиллик куни билан миллатга йўлланган мурожаатида президент Мамнун Ҳусайн ҳукумат хавфсизлик ва мудофаа ишидан пул аямаслигини ва террорчиликнинг илдизини қуритишда давом этишини ваъда қилди.
“Бу кампания таҳдид бутунлай йўқ қилинмагунига қадар давом этади, ва бутун халқ террорчиликка қарши эълон қилинган ушбу курашда ҳукумат ва ҳарбий кучларни қўллаб-қувватламоқда”, – таъкидлаб ўтди у.

Кўпроқ янгиликлар