Швециялик психолог ва тилшунос Форссен Эрлин болаларга тинчлантирувчи ва “аллаловчи” таъсир кўрсатувчи “Ухлашни истаётган қуён” (The Rabbit Who Wants To Fall Asleep) деб номланган болалар китобини ёзди, деб хабар бермоқда The Telegraph нашри.

26 саҳифадан иборат китобни ўқиш пайтида ота-оналарга китобнинг баъзи жойларда эснаш, белгиланган сўзларни баландроқ овоз билан ажратиш, курсив билан ёзилган жумлаларни эса секин ва оҳиста овозда ўқиш кераклиги тавсия қилинади.

Китоб муаллифи ўз асарига шундай изоҳ бермоқда: “Мен бу китобни яратиш учун 3,5 йил сарфладим. Китобда қўлланиладиган психологик услублар болага ўзини бўш ҳис қилиб, ўзини китобдаги воқеанинг бир қисмидек ҳис қилишига ёрдам беради ва у воқеа охирида қуёнча билан бирга уйқуга кетади. Воқеа давомида Эсноқ бобо ва кўзлари ёпишиб кетувчи Бойўғли каби қаҳрамонлар учрайди”.

Ушбу китобни харид қилаётган ота-оналар у ҳақиқатда ёрдам бераётганини тасдиқлашмоқда. Кўпчилик уларнинг фарзандлари китобни ўқиш бошлангандан 10 дақиқа ўтибоқ уйқуга кетаётганларини айтишмоқда.