Олий ўқув юртларига топширилган имтиҳон натижаларининг шу пайтгача эълон қилинмагани турли гап-сўзларга сабаб бўлиши билан бир қаторда фирибгарлик ҳолатларини ҳам келтириб чиқармоқда. Жумладан, яқинда ижтимоий тармоқларда бир хабар тарқатилди. Унда айтилишича, тест натижалари чиққан ва гўёки улар билан танишиш мумкин. Абитуриентларга бир рақам кўрсатилиб, ўша орқали натижаларни билиш мумкинлиги айтилди.

“Тест натижалари чиқди. *122*998935750401# теринг ва чақирув тугмасини босинг. СМС хабардан сўнг ДТМ қоғозидаги кодни киритинг. Тест натижаларини билиш нархи 10 доллар”, – дейилади ушбу хабарда.

Бу хабар дастлаб Facebook’даги Potrebitel.uz гуруҳида жойлаштирилди, сўнг ўчириб ташланди. Айрим фойдаланувчилар бу қаллоблар иши эканлигини, улар вазиятдан фойдаланиб телефон орқали одамлардан пул ундирмоқчи бўлаётганидан огоҳлантиришди.

Бундан ташқари, ДТМ синов натижаларини бекор қилгани, имтиҳонлар бошқатдан ўтказилиши ҳақида мишмишлар тарқатилди.