Турли телеканаллардан деярли ҳар куни намойиш этиладиган, ҳисобсиз миқдорда ахборот бозорига кириб келаётган, Ғарб давлатларида ишлаб чиқарилган мультфильмлар болаларга ҳар доим ҳам ижобий таъсир кўрсатмаяпти. Аксинча, уларнинг зарари кўпроқ тегмоқда. Санъатшунос Азизбек Матёқубовнинг фикрича, вазиятни ўнглаш учун миллий мультфильмлар тарғиботини кучайтириш лозим.

“Бугун турли ноқонуний йўллар билан кўчириб олиниб, видео дискларга жамланаётган ва истеъмолчиларга арзон-гаров эвазига таклиф этилаётган хорижий мультфильмларнинг бозори чаққон бўлмоқда. Уларнинг тарбиявий жиҳати эса кишини бироз ўйлантириб қўяди”, – таъкидлайди мутахассис “Жамият” газетасида эълон қилинган мақоласида.
Унинг ёзишича, айрим картиналардаги фантастик лавҳалар болаларда қўрқув уйғотади ва жанжалкашлик, инжиқликка сабаб бўлади.

Газетада, шунингдек, чет эл мультфильмлари таъсирида юзага келган айрим кўнгилсизликлар ҳақида ҳикоя қилинди. Жумладан, навоийлик Насиба Каримованинг ҳикоя қилишича, унинг ўғли “Том ва Жерри” мультфильмида кўрган таом тайёрлаш лавҳасини уйда такрорлашга ҳаракат қилиб, ёнғин келтириб чиқарган.
Андижонлик Нигора Жумабоеванинг ҳикоя қилишича эса, унинг катта ўғли “Скруж амаки” мультфильмидан “илҳомланиб”, кичкина укасининг бошига алланималар қўйиб, тош билан масофадан уриб туширган.

Мустақиллик йилларида “Ўзбекфильм” томонидан 20дан ортиқ мутлипликацион картиналар ишланган. Уларни кўпроқ намойиш қилиш ва сонинин кўпайтириш муҳим эканлиги таъкидланди.