Саудия Арабистони ҳукумати душанба куни уч нафар Шри-Ланка ва бир нафар Миср фуқароси устидан ўқилган ўлим жазоси ҳукмини ижро этди, дея хабар берди Франс Пресс мамлакат ИИВ маълумотига асосланган ҳолда.

Саудия вазирлигининг маълум қилишича, Шри-Ланканинг уч нафар фуқароси Саудия Арабистони фуқаросининг уйига бостириб кириб, унга тан жароҳати етказгани учун ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Қатл Қизил денгиз соҳилида жойлашган Жидда шаҳрида амалга оширилди. Яна бир ўлим жазоси эса Шарқий провинцияда қироллик фуқаросининг ўлими бўйича айбдор деб топилган Миср фуқароси устидан ўтказилди.

Агентлик маълумотларига кўра, 2015 йил аввалидан буён Саудия Арабистонида 120 нафар киши қатл қилинган. Ўтган йили эса 87 кишига ўлим жазоси қўлланилган эди.

Қайд этилишича, Саудия Арабистонида ўлим жазоси қарийб барча ҳолларда бошни танадан жудо қилиш йўли билан амалга оширилади.

Саудия Арабистонида, шунингдек, гиёҳванд моддалар савдоси, қотиллик, зўравонлик, қуролли босқинчилик ҳамда диндан қайтганлик учун ҳам ўлим жазоси белгиланади.