Google компанияси цилиндр шаклидаги симсиз OnHub маршрутизаторини намойиш этди, дея хабар бермоқда Wired.

Қайд этилишича, роутер фойдаланиш учун содда бўлиб, тезроқ интернетга боғланишга хизмат қилувчи антенналарга ҳам эга. Бундан ташқари, улар The Google On иловаси орқали смартфон билан ҳам бошқарилиши мумкин.

“Биз Wi-Fi тармоғи билан боғлиқ барча турдаги муаммога дуч келган инсонлар билан мулоқотда бўлиш учун кўп вақт сарфладик”, – дейди компаниянинг маҳсулотлар бўйича менежери Тронд Вюлльнер.

Роутер TP-LINK компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилади, иккинчи ҳамкор эса Asus бўлиши мумкин. Қурилманинг интернет-дўконларидаги нархи 199,99 долларни ташкил этади.

Қайд этилишича, қурилманинг цилиндр шаклида эканлиги фойдаланувчиларга алоқа сифатини ёмонлаштирадиган турли буюмларни унинг устига қўйишларига кам имконият қолдиради.