Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний равишда дори воситаларини олиб кирган жиноий гуруҳ аъзолари суд қарорига кўра узоқ муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Миллий хавфсизлик хизмати Сирдарё вилояти бошқармаси ва божхона органлари вакиллари ҳамкорлигида ўтказилган чора-тадбирлар натижасида айланма йўллар орқали Қозоғистондан юртимизга катта миқдорда дори воситаларини ноқонуний равишда олиб кириш билан шуғулланувчи уч киши қўлга олинди.

Тошкент вилояти Зангиота туманида истиқомат қилувчи фуқароларга тегишли автомобиль кўздан кечирилганида, 23 номдаги 35059 дона дори воситаси мавжудлиги аниқланди. Мазкур дори воситалари эгалари тегишли ҳужжатларни тақдим эта олмади.

Маълум бўлишича, қўлга олинган кимсалар ушбу дори воситаларини қашқадарёлик фуқаро Ражабова Д.нинг Тошкентдаги хонадонига олиб бориши лозим эди. Унинг хонадони текширилганда, бу ерда ҳам контрабандистлар томонидан Қозоғистон орқали олиб келинган 19 номдаги 38288 дона дори воситаси ноқонуний равишда сақланаётгани маълум бўлди. Хонадон эгаси ҳам ҳибсга олинди.

Олиб қўйилган 200 миллион сўмлик дори воситалари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги хулосасига кўра давлат реестрида рўйхатга олинмагани маълум бўлди. Мазкур дори воситаларини тарқатиш ва тиббий мақсадларда қабул қилиш уларнинг давлат сифат стандартларига эгалигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар мавжуд эмаслиги боис тақиқланади.

“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, ўз айбидан пушаймонлигини билдирган Д.Ражабовага нисбатан қўзғатилган иш тўхтатилди.

Қолган уч нафар жиноятчининг ҳар бири Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 182-(божхона қонунчилигининг бузилиши) ва 186-3-(сотиш мақсадида сифатсиз ёки қалбаки дори воситаларини ташиш) моддаларига асосан айбдор деб топилиб, суд қарорига биноан 5 йилдан қамоқ жазосига маҳкум этилди.