Sony компаниясининг компьютер бизнеси негизида шакллантирилган VAIO Corporation компанияси VAIO брендини халқаро бозорга қайтармоқчи. Бу ҳақда корпорация раҳбариятидан олинган маълумотларга иқтибос келтирган ҳолда Wall Street Journal нашри хабар бермоқда.

Sony корпорацияси VAIO компьютерлари ишлаб чиқариш бўйича бизнесини ўтган йили Japan Industrial Partners инвестицион жамғармаси сотиб юборган.. Жамғарма сотиб олинган актив негизида янги VAIO компаниясини шакллантирди. Компания халқаро компьютер савдоларини тўхтатиб, барча эътиборини япон бозорига қаратди.

Бироқ ҳозир хабар берилишича, VAIO ўз бизнесини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Жорий йилнинг октябрида компания АҚШда портатив компьютерлар сотишни бошлайди. Компьютерлар Microsoft чакана савдо дўконлари орқали сотилади.

VAIO’нинг халқаро бозордаги биринчи қурилмаси Z Canvas модели бўлади. Бу гаджет ўзидан трансформацияланувчи планшетни намоён қилиб, уни ноутбук сифатида ҳам ишлатиш мумкин. Қурилма 4 ядроли Intel Core i7 процессори, кўрсатиш қобилияти 2560 × 1704 пиксель ва ранг фазосини 95 фоиз қамраб олувчи 12,1 дюймли дисплей билан жиҳозланган. Қурилма 16 Гбайтгача тезкор хотира билан жиҳозланиши мумкин. Доимий хотира 1 Тбайтни ташкил қилади. Гаджет ажралувчи клавиатура билан бутланади.