Ўзбекистонда кучга кирган янги қонунчилик меъёрига кўра, солиқ тўлашдан биринчи марта бўйин товлаган шахс 30 кун ичида давлат манфаатларига етказилган зарарни қоплаб берган тақдирдa жавобгарликдан озод қилинади ёки жавобгарликка тортилмайди.

Бу борадаги қонун лойиҳаси 31 июль куни парламентнинг қуйи палатаси томонидан қабул қилинди, 6 август куни юқори палата томонидан маъқулланди, 20 августда давлат раҳбари томонидан имзоланиб, 21 август куни марказий ОАВда чоп этилди ва шу билан кучга кирди.

Қонун билан Жиноий кодексга ўзгартишлар киритилди. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига қарши барча жиноятларни бирлаштирувчи алоҳида боб киритилди. Бундай жиноятлар сирасида хусусий мулк ҳуқуқини бузиш билан бир қаторда текширув ва ревизиялар ўтказиш тартибини бузиш, фаолиятни ноқонуний тўхтатиш, тадбиркорларни маблағ сарф қилиш талаб қилинадиган тадбирларга мажбурий жалб қилиш, ноқонуний рад жавоби, имтиёзлардан фойдаланишга тўсқинлик қилиш ва бошқалар бор.