Душанбелик 19 ёшли Мунира Мирзоева The Atlas of Beauty томонидан тузилган дунёнинг энг гўзал аёллари рўйхати ўнлигига кирди. Уни “гўзал хизматчи”, деб аташмоқда.

The Atlas of Beauty – руминиялик фотограф аёл Михаэла Норокнинг интернет лойиҳаси ҳисобланади. Унинг сўзларига қараганда, аёл саёҳат қилиб сайёрамиз хилма-хиллигини аёллар портрети орқали кўрсатишга, шу билан дунёнинг табиий гўзаллигини суратларда муҳрлашга ҳаракат қилади.

Бир ой муқаддам Тожикистон бўйлаб саёҳат қилган Михаэла фотоаппарати фокуслари Мунира Мирзоевага йўналтирилган. Норокнинг Фейсбукдаги саҳифаси ушбу суратлар “Душанбедаги гўзал гулчи, Тожикистон” деб номланган.

19 ёшли Мунира эса пойтахтдаги Шохмансур туман кўкаламзорлаштириш бўлимида ишлайди, у ўз гўзаллиги ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинганидан бехабар, дейилади хабарда. Маълум бўлишича, Мунира 7 кишидан иборат катта оиланинг асосий боқувчиси.

Ўзининг айтишича, у оиланинг катта фарзанди. Оиласидаги мураккаб иқтисодий шароит туфайли шифокор бўлиш орзусидан воз кечиб, гулчилик билан шуғулланишга мажбур бўлган. Бироқ у бундан тушкунликка тушмайди. Энг муҳими — хотиржам ҳаёт ва бошқаларга қарам бўлмаслик. Муниранинг айтишича, у нонини ҳалол меҳнати билан топаяпти ва ўз ишидан фахрланади.