Украинанинг биринчи президенти Леонид Кравчук Украина президенти Пётр Порошенко Донбассдан ўзини тўсиб олиш қарорига яқин эканлигини айтди.

“Донбасс билан қандай йўл тутиш керак? Босиб олинган ҳудудларда нафақат бандит ва айирмачилар, балки ватанпарварлар ҳам бор. Уларга ёрдам бериш мушкул ва ҳозир бунинг иложи йўқ... Шунинг учун ўз-ўзини алдашнинг кераги йўқ. Босиб олинган ерлардан ўзини тўсиб олиш керак. Бутун дунёда шундай қилинади. Мен Порошенко бундай қарорга яқин эканлигини биламан”, деб айтди Кравчук УУН агентлигига.

Бундан ташқари Украина конституцияга тузатишлар киритиш лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этган Кравчук асосий қонунга тузатишларни 25 октябрда ўтказиладиган маҳаллий сайловлардан кейин киритиш кераклигига ишонч билдирди.

“Бу сайловлар қандай ўтиши, қандай ўзгаришлар олиб келишини кўриш керак. Ундан кейин конституцияга ўзгартириш киритиш лозим. Эҳтимол бу ноябрда ёки декабрда бўлиши мумин. Бироқ ундан ортиққа чўзиш ярамайди. Чунки ўзгаришларсиз Украинанинг ривожланиши бўлмайди”, деб таъкидлаб ўтди собиқ президент.