Кун.уз нашри манбаси берган маълумотларга кўра, 24 август куни соат тахминан 21:00дан бошлаб Тошкентдаги Роҳат постидан ўтиб, Бордонкўл томон кўприкдан тушгач, светофордан ўнг қўлдаги дала томонда газ қувури портлагани айтилмоқда. Бироқ ижтимоий тармоқларда бу ҳақда турлича тахминлар билдирилмоқда: кимдир Бектемир туманидаги АЁҚШ, яна кимдир Балиқчи ҳудудидан ўтган катта газ қувурида портлаш юз берган, деган тахминлар билдирилмоқда. Таҳририятга келиб тушган охирги маълумотларга кўра, воқеа жойидан Балиқчигача ҳали 3-4 км борлиги айтилмоқда. Тошкентга олиб борувчи йўл тўсиб қўйилган. Воқеа жойига кўплаб ўт ўчириш ва тез тиббий ёрдам машиналари юборилаётгани таъкидланмоқда. Ҳозирда шаҳарнинг турли бурчакларидан аланганинг кўринаётгани ҳақида маълумотлар олинмоқда. Ҳозирча аниқ ва расмий маълумотлар берилмаган. Хабарларни кузатиб боринг.