Халқаро футбол федерацияси (ФИФА)нинг амалдаги раҳбари Йозеф Блаттер ташкилот ижроия қўмитаси аъзоларининг порахўрлиги учун маънавий жавобгарликни зиммасига олмаслигини эълон қилди. Бу ҳақда ФИФА раҳбари ВВСга берган интервьюсида маълум қилган.

Порахўрликда гумон қилинаётган ФИФА амалдорларининг ҳаракатлари учун жавобгарлик ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Блаттер ижроия қўмитаси таркибига таъсир кўрсатиш имкониятига эга эмаслиги ва ушбу шахслар, шу жумладан, ФИФА ижроия қўмитаси собиқ аъзоси Чак Блейзернинг хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликни зиммасига ололмаслигини маълум қилди.

“ФИФА муаммоси ижроия қўмитасини шакллантиришда, – деди Блаттер. – У президент тайинлангани сингари тартибда шакллантирилмайди. Мен конфедерациялар тақдим этган номзодларни қабул қилишим керак. Улар менинг одамларим эмас. Улар учун ким жавоб бериши керак? Мен ижроия қўмитаси учун эмас, спорт учун жавобгар шахсман. Бироқ биз конфедерациялар ишига аралаша олмаймиз, улар (ижроия аъзолари — таҳририят) эса айнан ўша ерда танланади.”

Блаттернинг қайд этишича, ЖАР ғолиб бўлган 2010 йилдаги жаҳон чемпионати ўтказилувчи мамлакатни сайлаш жараёни ҳаққоний ўтган.

“ЖАРдаги чемпионат тартибга кўра энг тоза ва тўғриси эди. Ушбу муҳокамани давом эттиришни истамайман. Бу мутасадди шахслар тергов олиб борадиган ишлардан бири. Бу ҳақда иккита матбуот анжуманидани айтиб ўтганман”, – деди ФИФА раҳбари.

Президентнинг айтишича, гап фирибгарликда айбланаётган аниқ шахслар ҳақида кетганда футбол ёки ФИФАдаги порахўрлик тўғрисида гапириш нотўғри. “Футболдаги порахўрлик ҳақида гапирмаслик керак, – деди Блаттер. – Алоҳида шахслар айбдор. ФИФА эмас, унда ишлайдиган айрим шахслар порахўр бўлиши мумкин. Биз бу йўналишдаги ишларни бошладик, изланишлар олиб бораяпмиз ва ФИФАни қайта ислоҳ қиламиз.”