"Барселона" Ярмоленкони 20 млн евро эвазига харид қилмоқчи

Спорт 26 Август 2015 1427

"Барселона" жамоаси Киевнинг "Динамо" жамоаси футболчиси Андрей Ярмоленкони ёзги трансферлар вақтидаёқ харид қилмоқчи.

Sport.es нашрида ёзилишича, каталонияликлар клуби ушбу 25 ёшли яримҳимоячи учун 20 млн евро таклиф қилишмоқчи ва уни мавсум сўнгига қадар "Динамо"да ижара асосида қолдиришмоқчи.

Газета маълумотларига кўра, "Барселона" бу маблағни 3га бўлган ҳолда тўлашни режалаштирган. Илк транш сифатида 5 млн евро август ойининг ўзидаёқ берилиши, 2016 йилнинг январь ойида яна 5 млн евро берилиши кўзда тутилган. Мавсум охирида эса охирги транш - 10 млн евро юборилади ва футболчининг трансфери бўйича ишлар тугалланади.

Қайд этилишича, киевликлар ушбу футболчининг мавсум сўнгига қадар ижара асосида ўзларида қолдирилишини сўрашган. Жамоа ЕЧЛга йўлланма ола билса, Ярмоленконинг хизматларидан фойдаланмоқчи.

Маълумот учун, Ярмоленконинг "Динамо" билан шартномаси 2016 йилнинг ёзига қадар тузилган, унинг трансфер суммаси 24,5 млн евро сифатида белгиланган.

Бироз олдинроқ, футболчи "Арсенал"дан бўлган таклифни рад этган, "Барселона"да ўйнаш орзусида эканини айтганди.

25 август куни "Барселона" Ярмоленкони Педрога ўринбосар сифатида харид қилишни режалаштиргани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Кўпроқ янгиликлар