Остона шаҳрида дзюдо кураши бўйича ўтказилаётган жаҳон чемпионатида бугун эркаклар ўртасида -73 кг. вазнда, хотинқизлар ўртасида эса -57 кг. вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди.

Эркаклар ўртасида бўлиб ўтган мусобақанинг ҳал қилувчи финал беллашувида дзюдо ватани вакиллари Шохей Оно ҳамда Рики Накая жаҳон чемпионатининг олтин медали учун ўзаро кураш олиб борди. Ўта муросасиз руҳда кечган баҳсда Шохей Ононинг қўли баланд келди. Ушбу вазн тоифасида бронза медаллар Чангрим Ан (Ж.Корея) ва Ням Саинжаргал (Мўғилистон)га насиб этди.

Бугун бўлиб ўтган беллашувларда татамига чиққан ўзбекистонликлар Шарофиддин Болтабоев ва Мирали Шарипов совриндорлар сафидан жой олишмади. Мирали Шарипов дастлабки баҳсдаёқ хитойлик спортчига имкониятни бой берган бўлса, Шарофиддин Болтабоев кетма-кет уч рақибини мағлубиятга учратиб, тўртинчи беллашувда Рики Накаяга имкониятни бой берди.

Хотин-қизлар ўртасида ўтказилган беллашувларда ҳам олтин медалга Япония терма жамоаси аъзоси Каори Мацумото сазовор бўлди. Кумуш медални Корина Каприориу (Руминия) қўлга киритган бўлса, Сумия Доржсурен (Мўғилистон) ҳамда А. Павиа (Франция) бронза медаллари билан тақдирланди.

Учинчи кунги мусобақалар якунларига кўра, Япония терма жамоаси 3та олтин, 2та кумуш ва 2та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринда бормоқда. Иккинчи ўринни биттадан олтин ва кумуш медалга сазовор бўлган мезбонлар эгаллаб туришган бўлса, Жанубий Корея терма жамоаси 1 та олтин ва 3 та бронза медали билан учинчи ўринни банд этиб турибди. Ўзбекистон терма жамоаси битта бронза медали билан 120 давлат орасида 9-ўринда боряпти.

27 август куни эркаклар ўртасида -81 кг. вазнда, хотин-қизлар ўртасида эса -63 кг. вазн тоифасида беллашувлар ўтказилади. Шу куни Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Яҳё Имомов ва Муҳайё Ибрагимова татамига чиқади.