Starbucks қаҳвахоналари тармоғи бош директори Ҳовард Шульц ходимларга йўллаган махсус мактубида молия бозорлардаги ўзгарувчанлик туфайли баристаларни (барменларни) мижозларга эътиборлироқ бўлишга чақирди. Мактуб нусхаси The Washington Post нашри ихтиёрига келиб тушди.

“Молия бозорларидаги ўзгарувчанлик ва сиёсий беқарорлик, шубҳасиз, мижозларимизнинг ўзига бўлган ишончида акс этади. Улардан кўпчилиги ташвишли ва бироз жиззаки бўлиши мумкин”, - дейилади 190 минг нафар ходимга юборилган мактубда.

Шу боис, топ-менежернинг фикрича, ходимлар мижозларга алоҳида эътибор қаратиши ва уларнинг аҳволини тўғри тушуниши лозим: “Мижозларимизнинг талабларига мос бўлиш учун ҳам шахсан, ҳам жамоа сифатида қўлингиздан келган ишни қилинг”.

Сўзининг якунида Шульц молия бозоридаги вазият тармоқнинг ривожланиши ва иқтисодий фаровонлигига таъсир кўрсатмаслигини алоҳида таъкидлади.