Германиялик пенсионер чиқиндилар орасидан топиб олган 12 минг евро пулни полицияга топширди

Жамият 27 Август 2015 2438

Германиянинг Вупперталь шаҳрида яшовчи 87 ёшли ночор пенсионер бир зумда бойиб кетиши мумкин эди, бироқ унинг виждони ва тарбияси бунга йўл бермади.

Исми ошкор этилмаган қария чиқиндихонадан бўш шиша идишлар ахтариб юрганда 12 минг евро топиб олган. Қария бу пулларни ўзига олиб қолса ҳам бўларди, бироқ у бундай қилмади, деб маълум қилмоқда Bild нашри. 

Вупперталь полицияси вакиллари полиция бўлимида увадаси чиққан кийимда бир пенсионер пайдо бўлиб, уларга пуллар солинган учта конвертни топширганда карахт ҳолга тушиб қолишди. Пенсионернинг айтишича, у пулларни шаҳардаги чиқинди контейнерларидан биридан топиб олган ва уни полицияга топширишга қарор қилган.

Айни пайтда полиция пуллар қандай қилиб аҳлат идишига тушиб қолганини аниқлаштирмоқда.

Бундай ҳолатлар ҳаётда унча кўп бўлмаса ҳам учраб туради. Мисол учун, Москвада бир бошпанасиз киши ҳамён топиб олиб, уни эгасига қайтариб бергани, АҚШнинг Канзас-Сити шаҳрида бошқа бир бошпанасиз йўлда тушириб қўйилган қимматбаҳо тақинчоқни унинг эгасига қайтариб бергани маълум қилинган эди.

Кўпроқ янгиликлар