Тошкентда истиқомат қилувчи 22 ёшли Бобур Толипов ўзининг тенгдоши Наргиза Олимовадан шантаж йўли билан 3 минг доллар ундиришга ҳаракат қилди. “Ҳуқуқ” нашрининг ёзишича, бу ишда у ўзига севган қизи, 19 ёшли Ситора Мардиевани ҳам шерик қилди.
Толипов Олимова билан ижтимоий тармоқлар орқали танишиб, бир муддат у билан гаплашиб юрган. Аммо қизнинг онаси бу муносабатларга тўсқинлик қилган. Бундан жаҳли чиққан Бобур навбатдаги маъшуқаси Ситора билан қасос олиш режасини тузган.
Шериклар Наргиза Олимованинг Бобурнинг телефонида сақланиб қолган беҳаё суратларидан бир нечтасини чиқартириб, конвертга солиб қизнинг онасига юборишган. Агарда аёл тез кунда 3 минг доллар топмаса, бу расмлар интернетга тарқатилишини айтиб таҳдид қилишган. Ноилож қолган она ИИББга мурожаат қилган.
Шантажчилар Олимовадан 100 доллар олаётганида қўлга олинди. Суд ҳукми билан Бобур Толипов 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.