Голливуд актёри ва Калифорния штатининг собиқ губернатори Арнольд Шварценеггернинг ўлими ҳақидаги миш-миш АҚШда катта можарога сабаб бўлди, деб хабар бермоқда The Inquisitr нашри.
msmbc.co электрон адресига эга сайт актёр ўзининг Лос-Анжелесдаги уйида ўлик топилгани, полициячилар уйнинг эшигини бузиб киришганда унинг жасадини топишгани ҳақида миш-миш чоп этган. Бундан ташқари, хабарда гўёки Шварценеггернинг яқинлари унинг ўлимини тасдиқлаганлари айтилган.


Маҳаллий ОАВларга воқеа тафсилотларини батафсилроқ билмоқчи бўлган актёр мухлисларидан рекорд даражадаги қўнғироқлар келиб тушган.
Баъзилар актёрнинг ўз машинасида юрганини, бошқалар эса уни ишчи учрашувда кўрганларини таъкидлашган.
Қайд этилишича, актёрнинг ўлими ҳақида ёлғон ахборот тарқатган номаълум шахслар АҚШда оммавий бўлган MSNBC.com кабель телевидениеси номига тақлид қилиш билан ўзларига эътиборни жалб қилишган ва айнан шу ҳолат хабарга ишонарли тус берган.
Шварценеггернинг ўзи бу воқеага изоҳ беришдан бош тортди.