Президентимиз Ислом Каримовнинг шу йил 26 августдаги фармонига биноан Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 101 ёшли Салима ая Ғаниева “Шуҳрат” медали билан тақдирланганди.

Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов энг улуғ, энг азиз байрам арафасида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари билан онахоннинг хонадонига келиб, уни Президент Ислом Каримов номидан табриклади ва давлатимизнинг ушбу юксак мукофотини топширди.

Салима Ғаниева узоқ йиллар Тошкентдаги трикотаж фабрикасида меҳнат қилган. Саккиз фарзандни тарбиялаб, вояга етказган. Айни вақтда набира-чеваралари ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

"Онахоннинг хонадони фарзандлари, яқинлари, маҳалладошлар билан доимо гавжум. Салима ая уларга юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиш, ватанни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш зарурлигини таъкидлайди. Ёшларни меҳнатсевар, эл-юртига садоқатли бўлишга, таълим-тарбия олиш учун яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланишга даъват этади.

Салима аянинг катта оиласидаги тотувликка, файзу баракага барчанинг ҳаваси келади. Онахон ҳар тонгда юртимизга тинчлик-омонлик, сиҳат-саломатлик, дастурхонларга қут-барака тилашдан толмайди", дейилади УзА хабарида.

"Бугунги сурурли, қувончли кунларга етказганига шукр. Инсон умрининг мазмуни ҳалол меҳнат, самимият, ўзинг билан бирга ўзгаларга ҳам тинчлик-омонлик, бахт тилаб яшашдадир. Мамлакатимизда одамлар меҳнатининг роҳатини, фарзандларининг бахтини кўриши учун ҳамма шароит муҳайё. Бундан кўнглим тоғдек ўсади. Мустақиллик байрами арафасида Юртбошимиз мени шундай юксак мукофотга лойиқ кўргани бутун оиламизни қувонтириб юборди. Илоҳим, умрлари узоқ, бошлари омон бўлсин!", – дейди Салима ая.