Swiss International Air Lines авиакомпанияси вакиллари Цюрихдан Женевага учиб кетмоқчи бўлган исроиллик оилани аутизмдан азият чекувчи фарзанди йиғлагани учун самолётдан тушириб юборди.

Бу ҳақда The Local нашри хабар бермоқда. Воқеа бир ҳафтача аввал содир бўлган, бироқ бу ҳақда 1 сентябрдагина маълум бўлди.

Лайнер энди ҳавога кўтарилмоқчи бўлганда 8 ёшли Яхели Залманович қўрқиб йиғлашни бошлаган. Экипаж боланинг ота-онасидан самолётни тарк этишни сўраган. “Соат кечаси 10 бўлишига қарамасдан, бизни юкимиз билан бирга самолётдан тушириб юборишди. Биз бундан карахтга ҳолга тушдик ва ўзимизни ҳақоратлангандек ҳис қилдик. Яхшиямки, Женевага кетадиган охирги поездга ўтириб, у ерга етиб олдик”, деб айтмоқда боланинг онаси.

Аёлнинг айтишича, авиакомпания оиланинг орқага учиш чипталарини бекор қилган, бироқ чипта нархи – 2 минг швейцар франкини (2,08 минг доллар) қайтариб беришга рози бўлган.