Африкада ҳужжатли фильм суратга олаётган режиссёр антиқа ҳодисанинг гувоҳи бўлди. Голландиялик режиссёр 24 соат давомида бўғма илон томонидан ланнинг (буғуларнинг бир тури) ютилиши жараёнини суратга олишга муваффақ бўлди, деб хабар бермоқда The Daily Mail нашри.

44 ёшли Барфусс исмли ушбу режиссёр бўғма илонни Жануби-Ғарбий Африкадаги Квандо дарёси бўйида пайқаб қолди. У бўғма илон буғунинг орқа оёқларидан тутиб олиб, уни бўғган деб тахмин қилди.

Барфусс Африкада ёввойи итлар ҳақида ҳужжатли фильм суратга олаётган пайтда яқинида нимадир шубҳали нарса бўлаётганини пайқаган. “Мен дарҳол суратга олиш жойимни тарк этиб, нима бўлаётганини кўришга ошиқдим. Мен у ерга борганимда, бўғма илон буғуни атрофида ҳалқа ҳосил қилиб бўғиб олган эди”, деб эсламоқда ушбу воқеани режиссёр.

“Бу жуда ўзига тортадиган жараён бўлди. Буғу бир қанча фурсат яна тириклик аломатларини бериб турди, бироқ кўп ўтмай бўғилиб ҳалок бўлди”, деб қўшимча қилган Барфусс.

Барфусс воқеани кузатишда давом этиб, бўғма илон овдан кейин жуда толиққанини қайд этди. У ўз ўлжасини бир кунга ташлаб кетиб, воқеа жойидан ғойиб бўлди. “Бу бўғма илон томонидан анча хатарли иш бўлди, чунки Африкада ўлакса билан тановул қилишни истовчилар етарлича”, деб эсламоқда Барфусс. Бироқ бўғма илон қайтиб келиб, ўз ўлжасини юта бошлади. Илон буғуни тўлиқ ютиб юбориши учун унга 4 соат талаб этилди.

“Африкага 10 йиллик саёҳатим ва 71та экскурсиям давомида мен биринчи марта бундай воқеанинг гувоҳи бўлишим”, деб ўз таассуротлари билан бўлишди режиссёр.