Лола Йўлдошева хатоларидан хулоса чиқардими?

Маданият 08 Сентябрь 2015 15339

Инсон зоти борки хато қилади. Хато қилувчиларнинг энг яхшиси эса ундан тўғри хулоса чиқариб, қайта такрорламасликка ҳаракат қиладиганларидир. Аммо бир неча тоифа инсонлар борки, улар омма эътибори остида бўлганлари учун ҳам хато-камчиликларга имкон қадар йўл қўймасликлари лозим. Хусусан, ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланган бугунги кунимизда машҳур санъаткорлар, спортчи ёхуд бошқа шахсларнинг арзимас хатоси ҳам катта шов-шувларга, танқиду дашномларга сабаб бўлаверади. Уларнинг “Ахир биз ҳам оддий инсонмиз, билиб-билмай хато қилишимиз мумкин”, деган сўзлари жамият томонидан бир овоздан қабул қилинавермайди.
Эстрада хонандасида Лола Йўлдошеванинг ҳам кенг омма кўз ўнгида жамиятимиз кўникмаган қиёфада намоён бўлгани кескин танқид остига олинди. Унинг шарқона менталитет қон-қонига сингиб кетган мухлислар олдида танасининг катта қисмини очган ҳолда чиқиши, унинг устига, нолойиқ хатти-ҳаракатларни содир этгани нафақат оддий одамлар, балки кўпни кўрган, ҳаётнинг оғир-енгил синовларида тобланган кишилар, зиёлиларнинг ҳам эътирозларига сабаб бўлди. Иш “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан унинг қонуний фаолият олиб боришини чекловчи қарор қабул қилиниши, яъни лицензиясининг тугатилишига қадар бориб етди.
Лола Йўлдошева ўзи мансуб бўлиб турган ўзбек жамиятининг тартиб-қоидалари, одоб-ахлоқ мезонларига қарши боргани учун расмий саҳналардан олиб ташланганидан сўнг ўз айбини тушуниб етган кўринади. Бир оз муқаддам ижтимоий тармоқларда тарқалган унинг гастроль сафарларида тушган суратлари, Мудофаа вазирлиги томонидан унинг номига битилган ташаккурнома хонанданинг ўз айбини ювиш учун ҳаракат қилаётганидан дарак беради гўё. Айни шу мақсадда биз “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига мурожаат қилдик.

Фото: Instagram.com

Фото: Facebook.com

Лицензия бўлими бошлиғи Одилжон Абдуқаҳҳоровнинг kun.uz`га маълум қилишича, Лола Йўлдошева эстрада бирлашмасига ариза билан мурожаат қилиб, йўл қўйган камчиликларидан пушаймон эканини билдирган. Шу сабабли айни пайтда хонанда юртимизнинг турли чеккаларида ташкил этилаётган давлат концерт дастурларида иштирок этиб келмоқда. Биргина 4 сентябрь кунининг ўзида Лола Йўлдошева Самарқанд вилоятидаги бешта концерт тадбирида иштирок этган (Мазкур тадбирлар тўғрисида хонанда “Инстаграм” ижтимоий тармоғида ҳам сурат ва хабарлар қолдирган).
— Кейинги ҳафта “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси махсус комиссиясининг ички йиғилиши бўлиб ўтади. Унда ариза билан мурожаат қилган Лола Йўлдошева билан бир қаторда, Ягона ва бошқа санъаткорларнинг мурожаатлари ҳам кўриб чиқилади. Шундан сўнг уларга лицензия бериш-бермаслик масаласи ҳал бўлади, —деди О. Абдуқаҳҳоров.

Фото: Instagram.com

Санъаткорлар — эл-юрт, халқ хизматини қилиб ризқ топадиганлар тоифасидир. Мухлислар, оддий одамлар ортидан обрў-эътибор қозонаётган, ризқ-насиба топаётган кишилар халқ олдида энг кўп таъзим қилиши, унинг ҳар қандай тартиб-қоидаси, одоб-ахлоқ мезонларини қаттиқ ҳурмат қилиши шарт ва лозим. Буни барча санъаткорлар бир дақиқа бўлса ҳам унутмаслиги керак. Чунки ҳурмат-эъзоз қилиб юксакка кўтарган халқнинг ўзи уни ерга уриб ташлаши, эътибордан четда қолдириши ҳеч гап эмас.

Кўпроқ янгиликлар