Эрон ҳукумати бойитилган уран захираларини қандай камайтириши борасида ҳозирча бир қарорга келгани йўқ. AP агентлигининг хабар қилишича, бу ҳақда Эроннинг МАГАТЭдаги доимий вакили Ризо Нажафий маълумот берган.

Нажафий захираларни камайтиришнинг йўлларидан бири уни Россияга экспорт қилишдан иборат эканлигини таъкидлаган. Яна бир йўли сифатида уни бойитилмаган шаклга қайтариш тилга олинган. Эслатиб ўтамиз, 14 июль куни Венада Эрон ва воситалар олтилиги ўртасида Теҳрон ядровий дастури борасида келишувга эришилди.

Эрон плутоний ишлаб чиқармаслик ва 15 йил давомида 3.67 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда бойитилган 300 кг дан ортиқ уранга эга бўлмасликни зиммасига олди. Бунинг эвазига унга қарши жорий этилган санкициялар бекор қилинади.