Россияни БМТ Хавфсизлик кенгашидан чиқариш техник жиҳатдан имконсиз, “ҳар қандай ғоя ёки резолюция кенгашнинг барча беш доимий аъзоси томонидан тасдиқланиши лозим”. Бу ҳақда БМТ бош котиби Пан Ги Мун шанба, 12 сентябрь куни “Вести в субботу” дастури бошловчиси Сергей Брилёвга берган интервьюсида маълум қилган.

Аввалроқ Киев БМТ Бош ассамблеяси сессиясида Россияни вето ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласини ўртага ташламоқчи экани хабар қилинган эди.
Пан Ги Мун Киев ва Варшава сиёсатдонларининг бу ҳақдаги чақириқларидан бехабар эканини маълум қилган.
“Менинг фақатгина БМТ аъзолари ўртасида Хавфсизлик кенгашини қайта шакллантиришга чақирувлар сони ортаётганидан хабарим бор, – деди бош котиб. – Бу ерда гап Хавфсизлик кенгашини янада очиқроқ, демакратроқ ва ишончлироқ бўлиши тўғрисида кетмоқда. Мазкур мавзу ҳақиқатдан ҳам муҳокама қилинмоқда”.

Эслатиб ўтамиз, БМТ Хавсизлик кенгаши раислиги 2015 йил 12 сентябрдан Россияга ўтди. Россия Федерациясининг раислиги ой сўнгига қадар давом этади. Россия раислиги даврида БМТ Бош ассамблеясининг 70- сессияси 15 сентябрь куни жаҳон ташкилотининг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида очилади. Сессия доирасида 25-27 сентябрь кунлари 2015 йилдан сўнг тараққиёт соҳасидаги глобал кун тартибини тасдиқлаш режалаштирилган саммит бўлиб ўтади. 28 сентябрда эса 150дан зиёд мамлакатлар раҳбарлари ва БМТга аъзо мамлакатлар ҳукуматлари иштирокидаги умумсиёсий муҳокамалар бошланади.