Украинанинг Одесса вилояти маъмурияти бошлиғи Михаил Саакашвили Украина ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 184 млрд доллардан 115 млрд долларгача тушиб кетишини танқид остига олди.

Унинг айтишича, ривожланишнинг ҳозирги суръатларида Украинада аввалги президент Виктор Янукович пайтидаги ҳолатга қайтиш учун 15 йил керак бўлади. Бу ҳақда 12 сентябрда ТАСС ахборот агентлиги маълум қилди.
Сиёсатчи Украинанинг жон бошига ЯИМ кўрсаткичини “Украинани қанчалик ҳурмат қилмасин, Габондагидек” эканлигини айтиб ўтди.

“Яширин иқтисодиёт ҳозирги ҳукуматнинг охирги 1,5 йил ичидаги фаолияти давомида 32 фоиздан 47 фоизгача кўтарилиб кетди”, деб айтди Саакашвили халқаро ташкилотлар маълумотларига иқтибос келтирган ҳолда “Шустер-Live” телекўрсатувида.
Грузиянинг собиқ президенти мамлакат 53та банкнинг ёпилиши оқибатида 18,5 млрд доллар йўқотганини айтиб ўтди. У мамлакат иқтисодиётини тиклаш учун кескин ислоҳотлар қабул қилишга чақирди.

3 сентябрда Украина президенти Пётр Порошенконинг расмий сайтида Саакашвилини Украина бош вазири қилиб тайинлашга имзолар тўпланиши бошланди. У 90 кун давом этади. Саакашвилининг ўзи бу лавозимни эгаллашни режалаштирмаётганини иддао қилмоқда, бироқ шу билан бирга амалдаги бош вазир Арсений Яценюкни қаттиқ танқид остига олиб келмоқда.