WTI тоифасидаги нефть нархи 44,78 долларгача кўтарилди

Иқтисодиёт 12 Сентябрь 2015 1854

WTI тоифасидаги нефть нархи 11 сентябрь куни Нью-Йорк биржасидаги савдолар ёпилиши олдидан 0,34 фоизга кўтарилиб, 44,78 долларни ташкил қилди.

Бозор иштирокчилари кайфиятига 11 сентябрда нефть саноатига хизмат кўрсатувчи Baker Hughes компаниясининг чоп этган маълумотлари таъсир қилди. Уларга кўра АҚШда фойдаланишда бўлган нефть вишкалари ўтган ҳафта ичида 10 тага камайиб, 652 тани ташкил қилди. Ваҳоланки, ўтган йилнинг октябрида нефть бурғилаш вишкалари сони 1609 тани ташкил қилган эди.

Шу билан бирга Goldman Sachs банки экспертларининг таҳлилий ҳисоботида жаҳон бозорида нефть таклифининг талабга нисбатан кўп бўлиши бутун 2016 йил давомида сақланиб қолиши қайд этилди. “Нефть нархлари паст даражада аввал кутилгандан кўпроқ давом этади”, деб таъкидламоқдалар экспертлар.

Уларнинг прогнозларига кўра, WTI нефти 2016 йилда 45 долларни ташкил қилади. Аввалги прогнозларда бу кўрсаткич 57 долларни ташкил қилиши тахмин қилинган эди. Шунингдек, Brent нефти нархининг прогнози ҳам 62 доллардан 49,50 долларгача пасайтирилди.

Кўпроқ янгиликлар