Тожикистон саноат корхоналари томонидан жорий йилнинг 8 ойида 7,2 млрд сомонийлик (жорий курс бўйича 1,1 млрд доллардан кўпроқ) маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 13,3 фоизга ошди, деб хабар бермоқда Тожикистон президенти ҳузуридаги статистика агентлиги.

Саноат маҳсулоти ҳажмининг ўсиши тўқимачилик ва тикувчилик ишлаб чиқариши, тери, тери маҳсулотлари ва пойафзал ишлаб чиқариш, ёғочни қайта ишлаш ва ёғочдан маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қоғоз ишлаб чиқариш, матбаа ва босмахона фаолияти, кимё, бошқа нометалл минерал маҳсулотлар, металлургик ва тайёр металл маҳсулотлар, электр энергия ишлаб чиқариш билан боғланмоқда.

Шу билан бирга кончилик саноатидаги ўсиш кўмир, норуда материаллар қазиб олиниши ҳисобига ошди.