Франция президенти Франсуа Олланд Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан вертолётларни ташишга мўлжалланган иккита «Мистраль» русумли ҳарбий кемаларни сотиб олиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда France 24 нашри хабар тарқатмоқда.

Олдинроқ француз манбаси мазкур ҳарбий кемаларни сотиб олиш бўйича иккала томон ўртасида музокаралар олиб борилаётгани ва бу музокаралар октябрь ойи охирига қадар давом этиши мумкинлигини таъкидлаб ўтганди. Кемалар Қизил ва Ўрта Ер денгизи орқали манзилига етказилиши кўзда тутилган.

Аслида икки «Мистрал» 2011 йилдаги келишувга асосан Россияга сотилиши кўзда тутилганди. Келишувда уни 2014 йилда Россия томони қўлга киритиши кўрсатиб ўтилганди. Бироқ Россияга қўлланилган санкциялар натижасида битим амалга ошмай қолганди.

Натижада Франция келишув бўйича етказиб берилмаган кема учун 1,2 млрд АҚШ доллари миқдорида товон пули тўлаганди.