Тожикистон Мудофаа вазири армияга фақат саводли ва соғлом йигитларни олиш вазифасини топширди

Жаҳон 23 Сентябрь 2015 2067

Тожикистон Мудофаа вазири, генерал-лейтенант Шерали Мирзо 22 сентябрь куни 1 октябрда бошланувчи армияга кузги чақирувни ташкил этиш масалаларига бағишлаб вилоят, туман ва шаҳарлар ҳарбий комиссиялари иштирокида ишчи мажлисини ўтказди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, вазир комиссарларга чақирилувчиларнинг ота-оналари ўз саволлари юзасидан республика тузилмаларига мурожаат қилмасдан, ўша жойнинг ўзида ҳал этишлари учун ҳудудларда фуқароларни қабул қилишни ташкил этиш вазифасини топширди.

Вазир миллий армияга қабул қилинувчилар сони ортгани муносабати билан унга фақатгина таълим олган ва соғлом йигитларни саралаб олиш имконини беришини таъкидлаб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, 4 сентябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳри ва унга туташ Вахдат туманида қуролли босқинчилик уюштирилди. Унинг оқибатида 9 милиция ходими ҳалок бўлди ва катта миқдорда қурол яроғ ўғирланди. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари мазкур жиноятда собиқ Мудофаа вазири ўринбосари, генерал-майор Абдуҳалим Назарзодани айблашди.

Ҳукумат хабарига қараганда, Абдуҳалим Назарзода юздан ортиқ ходимларни ўз томонига оғдирган ва қўл остидаги ҳарбий қисмлардан қурол-яроғ ўғирлаб, Ромит тоғ дарасига яширинган. 16 сентябрда ниҳоясига етган махсус амалиётлар натижасида Назарзода гуруҳи жангариларидан 30 нафари йўқ қилинган, 100 нафари ҳибсга олинган.

Кўпроқ янгиликлар