ХХР Ҳарбий ҳаво кучлари қирувчиси АҚШнинг разведкачи самолёти ёнида хавфли манёврни амалга оширди, деб хабар беради CNN Пентагонга таянган ҳолда.
Воқеа 15 сентябрь куни Сариқ денгиз устида, Шаньдун ярим оролидан 130 км шарқда содир бўлди.

Пентагон ўз хабарида RC-135 самолёти экипажининг ҳисоботига таянган. Унга кўра, хитойлик учувчи самолётга хавфли яқинликдан учиб ўтган. Шу билан бирга, экипаж ҳаётига таҳдид туғилмаган.

Бу воқеа ҳақида ХХР раиси Си Цзиньпиннинг Сиэтлга ташрифи арафасида хабар қилинди. Ўтган йили ҳам шунга ўхшаш воқеа содир бўлган эди. Ўшанда Хитой қирувчиси АҚШ самолёти яқинида мана шундай манёврни амалга оширган эди.