Ривоят қилинишича, имом Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ) хазратлари Маккаи Мукаррамада таълим бераётган чоғда бир зиёратчи Бухорои Шарифдаги устозлардан салом ва мактуб келтиради. Бу хабарни эшитган Имом Бухорий (р.а.) Бухорои Шариф томонга юзланиб, саломига алик олганларича ҳурмат бажо келтирадилар, сўнгра мактубни икки қўллаб олиб, табаррук қилиб, эҳтиром билан хатни ўқиган эканлар.
Ҳа, устоз мисли ёниб турган шамга қиёс. Ўзи ёниб, атрофга нуру зиё сочади. Бошқалар ана шу нурдан баҳраманд бўлади. Шу сабаб, ҳар бир инсон ёшидан, мавқеидан, даражасидан қатъи назар, сабоқ берган устоз-мураббийи олдида мудом таъзимда. Ҳазрат Навоий айтганларидек, Ҳақ йўлида бизга минг ранжу қийинчилик билан сабоқ берган муаллимларнинг машаққатли меҳнатлари ҳақини ҳеч бир бойлик ёки ганжина билан ўлчаб бўлмайди. Уларнинг меҳнатлари беқиёс ва беназир.
Мамлакатимиз раҳбари фармони билан 1997 йилдан буён 1 октябрнинг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” сифатида кенг нишонланаётгани миллатимизнинг устоз-мураббийларга бўлган ҳурмат-эҳтиромининг амалдаги ёрқин ифодаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбари устоз-мураббийларга таъриф бериб, “Агарки, дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касблар ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир. Чиндан ҳам ўқитувчи наинки, синф хонасига файз ва зиё олиб кирадиган, балки, минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини бахш этадиган, ўз ўқувчиларига ҳақиқатдан ҳам ҳаёт мактабини берадиган мўътабар зотдир”, деган эди.
Чиндан ҳам, устозлар мурғаклигимизданоқ қалбимизга эзгулик уруғларини сочади, қўлимиздан тутиб, маърифат сабоқларини беради, меҳр-муҳаббат улашади. Биз эришаётган улкан ютуқларимиз, қўлга киритаётган ғалабалармизда уларнинг ҳиссаси катта. Шу сабаб, уларни мудом шарафлагимиз, ардоқлагимиз келади.
Афсоналарга кўра, машҳур саркарда Искандар Румийдан (Александр Македонский) “Нечун Арастуни (Аристотель) отангиздан ортиқ иззат қиласиз?”, деб сўрадилар. Искандар Румий жавоб берди: “Отам гўёки мени осмондан ерга туширди. Аммо устозим Арасту мени ердан осмонга кўтарди. Яъни, отам мени дунёга келмоғимга сабаб бўлди. Устозим илм ва одоб ўргатиб, мартаба ва иззатимнинг ортмоғига сабаб бўлди”.
Кўриниб турибдики, дунёни ўз илму маърифати билан лол қилган инсонлар ҳам доим устозини юксак қадрлаган, иззат-ҳурматини жойига қўйган.
Муқаддас динимизда илм-маърифатли кишиларнинг мақому мартабалари Аллоҳ томонидан юксакларга кўтариб қўйилиши ҳақида шундай марҳамат қилинади: “Сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган кимсаларни Аллоҳ баланд даражаларга кўтарур”, деди” (Мужодила сураси). Қатор ҳадиси шарифларда муаллимларнинг ҳурматини жойига қўйиш, уларга нисбатан тавозеъли бўлишга чақирилади. Жумладан,
Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Илм ўрганинг, илм учун сакинат ва виқорни ҳам ўрганинг. Ва сизларга илм ўргатаётганларга тавозеъ билан ўзингизни паст тутинг!” (Имом Табароний “ал-Авсат”да ривоят қилган).
Муаллимга кибр қилиш, уни менсимаслик тубан хулқ ҳамда нифоқ аломатларидан ҳисобланади. Имом Табароний “ал-Кабир”да ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “уч тоифа инсон борки, уларни фақат мунофиққина хорлайди: Исломда мўйсафид бўлган қария, илм соҳиби ва одил раҳбар”

Устоз ва муаллимга ўзни паст тутиб, хокисор бўлиш нажот эшиги, илм таҳсил қилишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Динимиз шунга буюради, шунга ўргатади. Бу устозларнинг шогирдлари устидаги ҳақларидандир. Уламолар айтадиларки, устоз ва муаллимлар фақат лаънати замон ва лаънати макондагина эҳтиром қилинмайдилар. Чунки Набий алайҳиссалом олимлар ҳурмат қилинмайдиган замонда яшашдан, шундай бир замонга ризқлари қўшилган бўлишидан Аллоҳга сиғинган эканлар. Пайғамбар алайҳиссалом паноҳ сўраган замон эса энг машъум ва малъун замон бўлиши шубҳасиздир. Саҳобалардан Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий (разияллоҳу анҳу) ривоят қилишига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга илтижо қилиб: “Эй Аллоҳ, алим (билимдон)га эргашилмайдиган, ҳалим (оқил)дан эса ҳаё қилинмайдиган бир замон устимга келиб қолмасин!”, дея олим ва муаллимлар ҳурмат қилинмайдиган замонда ҳаёт кечиришдан паноҳ сўрар эдилар (Имом Аҳмад ривояти).


Одилхон қори Юнусхон ўғли / Muxlis.uz