Латвияда фаолият юритадиган халқаро The Baltic Course ва “Открытый город” журналларининг электрон порталларида Ўзбекистонга бағишланган материаллар чоп этилди.
The Baltic Course журналисти мамлакатда инвестицион иқлимни яхшилаш йўлида кўрилаётган чоралар ўтган йили 4.5 млрд доллар миқдоридаги маблағларни четдан жалб қилиш имконини берганлигини таъкидлаб ўтди.
“Бугунги кунда Ўзбекистоннинг рақобатбардошлиги ва устунлигини хорижий капитал иштирокида ташкил этилган мингдан ортиқ корхоналар баҳолаш имконига эга бўлдилар. Улар орасида бутун дунёга машҳур General Motors, MAN, Knauf, Itochu, Rieter, Klaas, Nestle, Coca-Cola, Kogaz, Sasol, Ariston, CNPC, Indorama, Gazprom, Lukoil, LG, Lotte, Sumitomo, Korea Telecom сингари корпорациялар бор”, - дейилади материалда.
Шунингдек, муаллиф мамлакатда сиёсий ва макроиқтисодий барқарорлик ҳукм сураётганини таъкидлади. Хусусан, кейинги 11 йил давомида Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши мунтазам равишда 8 фоиздан ошаётганлиги мисол тариқасида келтирилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон дунёдаги энергетик мустақилликка эришган камдан-кам мамлакатлардан бири эканлиги таъкидланди.
“Республика газ, нефть, кўмир ва уран захиралари бўйича кучли ўнликка киради, - дейди журналист. – Мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электр қуввати ривожланган мамлакатларда саноат истъемолчилари тўлайдиган ўртача нархдан 4 баробар арзондир”.
“Открытый город” журналининг материалида эса Ўзбекистон минтақадаги энг диверсификацион иқтисодиётга эга эканлиги таъкидланди. Шунингдек, Марказий Осиёда фақат Ўзбекистонда енгил автомашиналар, юк машиналари ва қишлоқ хўжалик техникаси ишлаб чиқарилиши эслатиб ўтилди.
Шунингдек, мамлакатнинг асосий устунликларидан бири аҳолининг кўплиги, аҳоли орасида меҳнатга лаёқатли ёшлар кўпчиликни ташкил этиши айтиб ўтилди.

Манба: jahonnews.uz