Британиянинг Standard Chartered банки таҳлилчиларининг айтишича, АҚШнинг сўзсиз иқтисодий ҳукмронлиги поёнига етмоқда.

Хитой АҚШни иқтисодий етакчи мавқеидан маҳрум қилишга қодир. Халқаро савдода товарлар учун нархлар долларда белгиланади, бироқ бозорнинг катта қисми яқин орада юанда ҳисоб-китоб қилишга ўтиши мумкин. Хитой томонидан хомашёга юқори талаб бундай маҳсулотларнинг катта қисми секин-аста хитой юанларида нархланишига олиб келмоқда. 

Хитойнинг дунё савдосидаги улуши ўсиб бораётгани сабабли Хитой яқинда америкача моделга асосланган янги тўловлар тизимини киритди. Эндиликда Пекин ва Шанхай орқали молиявий оқимларнинг катта қисми ўтади, бу Хитой банкларига ҳозирда АҚШ дунё молиявий тизими устидан эга бўлган ҳукмронликни беради.  

Хитой иқтисодиёти олдинга ҳаракат қилишда давом этмоқда. Standard Chartered иқтисодчиларининг фикрича, Хитойнинг ҳозирги ўсишдаги секинлашишига қарамасдан, мамлакат 2010-2020 йиллар давомида ялпи ички маҳсулотини 2 баробарга кўпайтириб олади.   

Банкнинг Европадаги бўлими бошлиғи Ричард Холмс бу борада қуйидаги фикрларни келтириб ўтди: “Бугунги кунда АҚШ ҳисобига дунё экспортининг 10 фоизи тўғри келади, бироқ 80 фоиздан кўпроқ экспорт долларда амалга оширилади ва менинг фикримча, вазият яқин орада юань фойдасига ўзгариши керак, бу эса Америка ҳукмронлигининг тугагани англатади. Ҳозирнинг ўзидаёқ юань глобал савдода ишлатилиш бўйича иккинчи рақамли валюта ҳисобланади, ваҳоланки 5 йил аввал ундан ҳеч ким фойдаланмасди. Хитойнинг дунё иқтисодиётидаги аҳамияти ортган сари, дунё кўпроқ мувозанатлашиб боради”. 

Лондон металлар бозори мижозларга юанларда баҳолданган операцияларни таклиф қила бошлади, бу эса Холмснинг фикрича, дунё иқтисодиётидаги катта кўламли ўзгаришларга старт бериши мумкин.

Хитой иқтисодий қудратининг ошиши ва доллар ўрнига юань ишлатилиши кўламининг ортиши Пекиннинг сиёсий вазнини ошириши мумкин.

Доллардаги ҳисоб-китоблар Нью-Йорк орқали ўтгани учун АҚШ халқаро транзакциялар учун ўз қоидаларини ўрнатиб, бу қоидаларга бошқа давлатлар банкларини бўйсундириб олган. Хитой валютаси нуфузи ошгани сари Пекин шундай ҳукмронликни ўз қўлига олиши мумкин.

“Мен аминманки, Россия хитойликларга долларга эмас, балки юанга нефть экспорт қилишдан жуда хурсанд бўлади”, деб айтмоқда Холмс.

Standard Chartered мутахассисларининг фикрича, Хитойнинг иқтисодий ўсиши секинлашганига қарамасдан, Хитой иқтисодиёти ўсиши суръатлари йилига 5-7 фоиз даражасида сақланмоқда, бу эса ривожланаётган бозорларни рағбатлантиради.

Банкнинг катта иқтисодчиси Жимми Янгнинг фикрича, дунё иқтисодиётининг ўсиши бугунги кундан 2030 йилга қадар 70 фоизга ривожланаётган бозорлар ҳисобига таъминланади. 2030 йилга қадар бундай бозорларнинг дунё ЯИМдаги улуши 60 фоиздан кўпроққа ошади, ваҳоланки 2010 йилда бу улуш 40 фоизнигина ташкил қилган.