Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети талабаси Сарвар Усмоналиев магистраль йўлларни электр энергияси билан ёритишга мўлжалланган қурилма яратди. Бу қурилма шамол ёрдамида ишлайди ва шамол генератори деб номланади. Бу ҳақда УзА хабар берган.

Генератор асосан автомобиллар серқатнов бўлган йўллар четига, ер сатҳидан 4-5 метр баландликка ўрнатилади. Йўлда ҳосил бўлаётган шамол қурилманинг ишлашига ва электр энергияси ишлаб чиқишига туртки беради.

Сарвар Усмоналиев жорий йилда “Юрт келажаги” республика кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритган.

Абу Райҳон Беруний номидаги стипендия соҳиби Акбаржон Анваров ҳам янгилик яратишга иштиёқи баланд ёшлардан ҳисобланади.

– Юртимизда турли ўсимлик қолдиқларини қайта ишлаб, янги маҳсулот олиш учун бой захира мавжуд, – дейди А.Анваров. – Мен устозларим кўмагида ғўзапояни қайта ишлашга мўлжалланган қурилма яратиш устида изланишлар олиб бордим. Ниҳоят яратилган қурилма орқали ғўзапояни қиздириш орқали ундан ёқилғи олишга муваффақ бўлдик. Биз уни пистакўмир деб атадик ва уни қишлоқ жойларда иситиш мақсадида қўллаш мумкин. Эътиборлиси, бу ёқилғи бошқа ёқилғилардан анча арзон тушади.

Мазкур ишланма жорий йилда ўтказилган Республика Инновацион ғоялар ва лойиҳалар ярмаркасида намойиш этилиб, олимлар ва иштирокчиларнинг эътиборига сазовор бўлди. Шу боис ушбу ихтирони жорий йилда амалиётга татбиқ этиш устида иш олиб борилмоқда.