Hyundai компанияси премиал автомобиллар ишлаб чиқарувчи Genesis суббрендини расман тақдим қилди. Бу бренд остида компаниянинг премиал моделлари ишлаб чиқарилади. Айни пайтда бундай автомобилларга ўрта ўлчамдаги седан ва купелар киради.

2020 йилга қадар бренднинг янги моделлар қаторига 6 тагача модель киради ва улар сегментга боғлиқ ҳолда G90, G80, G70 ва шу каби белгиланади. Бу машиналар стандарт машиналардан қанотларга эга янги эмблема, мижозлар учун юқори даражада хизмат кўрсатиш ва ўзига хос дизайн билан ажраб туради.

Genesis суббренди моделларида Hyundai’нинг АҚШдаги дизайн-студияси ишлаб чиққан Vision G концептуал купесидаги бир қатор стилистик ечимлар қўлланади. Лос-Анжелес санъат музейида августда намойиш қилинган бу купе прототипи “премиал моделларнинг келажак авлоди учун илҳом берувчи” машина деб аталган. Янги моделлар қаторига Genesis седани ва купесининг серҳашам версиялари, шунингдек Equus флагман модели киритилади. Бундан ташқари, компания раҳбарияти катта ўлчамдаги премиал йўлтанламас чиқариш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Бу янги машинага асос қилиб Genesis седани платформаси олинади.

Сентябрда Hyundai компанияси N суббрендини тақдим қилганди, бу бренд остида машиналарнинг юқори тезлик билан ҳаракатланувчи версиялари ишлаб чиқарилади. Қаторнинг номида (N) Жанубий Кореядаги Намьянг шаҳри (бу ерда компаниянинг тадқиқотлар ва ишланмалар бўлими жойлашган) ва Германиядаги Нюрбургринг (компаниянинг синов маркази жойлашган) шаҳрига ишора қилинади.