12 ноябрь куни тонгида Тошкентда кучли шамол кузатилди. Натижада шаҳарнинг бир қатор туманларида электр симларининг узилиши, автомобиллар устига дарахтлар йиқилиши ҳолатлари рўй берган.

Ушбу кучли шамол келтирган оқибатларни Facebook ижтимоий тармоғидаги «Водители Ташкента» гуруҳида қолдирилган фотосуратларда кўриш мумкин. Гуруҳда жойлаштирилган суратларда йиқилган дарахт остида қолган автомобилларни ва яроқсиз ҳолга келган реклама банерларини кўриш мумкин.

"Ойна ортида қандай ҳолат кечаётганини 8 этажда туриб билдим. Анчадан бери бунақаси бўлмаганди. Албатта, шаҳарнинг ярми электр токисиз қолган бўлса керак", дея ёзади фойдаланувчилардан бири.

"Шамол айниқса Чилонзорда кучли бўляпти. Худди саҳролардагидек", деб ёзади яна бир фойдаланувчи.

"Шифердан варрак ясаб учирадигон ҳаво бўляпти", деб ҳазиломуз муносабат билдиради фойдаланувчилардан бири.

Баъзи ҳудудларда уйларга зарар етгани, хусусан, томлардаги шиферлар учиб кетгани айтилган.

Қайд этиш керакки, 12-15 ноябрь кунлари давомида бутун Ўзбекистон бўйлаб ёғингарчилик давом этиши кутилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон ва Хоразмда қор ёғиши мумкин. Бундан ташқари, 14-15 ноябрь кунлари Ўзбекистон бўйлаб эсадиган шамол тезлиги сониясига 15-20 метрга етиши мумкин.