“Ўзбекенгилсаноат” ДАК 2020 йилгача тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилиш ҳажмини 1,5 млрд долларлик қийматга етказишни режалаштирган. Бу ҳақда Review.uz нашри хабар қилган.

Компания прогнозларига кўра, 2019 йилда пахта калаваси тўқимачилик маҳсулотлари жами экспортининг 50,1 фоизлик улушини ташкил қилади (2014 йилда 60,1 фоиз). Шунингдек, тайёр маҳсулотлар 33,1 фоиз (2014 йилда 22,3 фоиз), матолар ва полотенлар 14,5 фоизни (2014 йилда 14,5 фоиз) ва бошқа маҳсулотлар 2,3 фоизни (2014 йилда 3,1 фоиз).

Бугунги кунда Россия ва МДҲ давлатлари Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари маҳсулотларининг йирик импортёрлари ҳисобланади. Уларнинг зиммасига барча экспортнинг 51 фоизи тўғри келади, 21 фоиз маҳсулот Жанубий Осиёга, 12 фоиз – Европага, 8 фоиз маҳсулот Яқин Шарқ ва Африкага юборилади.

Охирги икки йил кузатилаётган инқирозга қарамай, компания Россия бозорига экспорт ҳажмини камайтирмади, бироқ рублнинг қадрсизланиши оқибатида савдодан оладиган даромади камайган.

2015 йил натижаларига кўра, Ўзбекистон 1 млрд доллардан кўпроқ қийматга тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилишни режалаштирмоқда. Жорий йилнинг 9 ойи натижаларига кўра, хорижга 495 млн долларлик калава ип, 170 млн долларлик тайёр трикотаж маҳсулоти, 90 млн долларлик газлама ва 17 млн долларлик ипак маҳсулотлари юборилган.