14 ноябрда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иттифоқ шартномаси имзоланганига 10 йил тўлди. Шу муносабат билан Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовга табрик телегарммаси жўнатди. Бу телеграмма Кремлин.ру сайтига жойлаштирилган.

Путин ўз табригида иттифоқ шартномаси икки давлатнинг турли соҳалардаги ўзаро ҳамкорлиги ривожланишида муҳим ҳужжат ҳисобланишини таъкидлаган.

"Бу ҳужжат Россия-Ўзбекистон муносабатлари ривожланишида муҳим бурилиш нуқтаси сифатида хизмат қилган. Ушбу шартнома орқали давлатларимиз турли йўналишларда, хусусан минтақавий ва халқаро масалаларда мустаҳкам ҳамкорлик шароитлари яратилган", дейилади хабарда.

Россия президенти икки томон ўртасидаги муносабатлар келгусида мустаҳкамланишда давом этиши ва Марказий Осиёдаги тинчлик ҳамда барқарорлик таъминланишига ишонч билдирган.

Қайд этиш керакки, Россия айни пайтда Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкоридир, бу борада унинг улуши 27 фоизни ташкил қилади. Ўзбекистон, ўз навбатида, Россиянинг МДҲ ҳудудидаги асосий иқтисодий шерикларидан бири бўлиб, Беларусь, Қозоғистон ва Украинадан кейинги ўринни эгаллайди. Ўтган йили товар айланмасининг умумий ҳажми 4 млрд долларни ташкил қилди. Аммо жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида ўзаро савдо ҳажми 29 фоизга тушиб кетди.

Ўзбекистонда фаолият юритаётган 900га яқин компания Россия капиталига эга. Россияда эса 489 қўшма корхона ва фирмалар ташкил қилинган. Ўзбекистондаги энг йирик инвесторлар қаторига “ЛУКОйл”, “Вимпелком”, “Евроцемент Групп” ва “Газпром” киради.