Жорий йилнинг 13 ноябрь куни Россиянинг Свердловск вилояти мусулмонлари идораси раиси, муфтий Абдулқуддус Ашарин бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Унга идора ходими А.Н.Старостин, Свердловск вилояти “Азан” масжиди имом-хатиби Н.Ф.Хакимов ва Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси ходими М.Г.Смирнов ҳамроҳлик қилдилар.

Мехмонларни Ўзбекистон имусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов қабул қилди.

Мехмонларни қутлаб, У.Алимов Ўзбекистонда диний эркинликлар, эътиқод рангбаранглиги ва турли миллатлар тинч, осуда ҳаёт кечириб келаётганлари тўғрисида батафсил сўзлаб берди.

Жумладан, юртимизда ислом динига мансуб 2000 дан зиёд диний ташкилотлар мавжудлиги, уларда мусулмонлар ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишлари учун барча шароит ва қулайликлар яратилганлигини таъкидлаб ўтди. Хусусан, учрашув кечаётган жой “Ҳазрати Имом” мажмуаси 2007 йилда Президентимиз И.Каримов ташаббуси билан янги чирой ва тус олиб, қайта қад кўтарганлиги алоҳида сўзлаб берилди.

Свердловск вилояти муфтийси А.Ашарин ўз навбатда самимий қутлов ва юқори мартабада ташкил этилган учрашув учун миннатдорчилик билдириб, “Ўзбекистонга илк қадам қўйганимдан, шу заминда бағрикенглик руҳини сездим. Биринчи зиёрат қилган “Минор” масжиди, ундаги шароитлар, масжиднинг махобати, мусулмонлар учун қулайликларни кўриб лол қолдим. Дарҳақиқат, Ўзбекистонда фуқароларнинг маънавий ҳаётига катта эътибор берилаётганига амин бўлдим”, деди.

Шунингдек, А.Ашарин, дунёда хали ҳануз ўз хавфини солиб турган диний экстремизга қарши кураш йўлида ҳаракат қилиб келаётган Ўзбекистон мусулмонлари идораси олимларининг маънавий, тарғибот ишлари таҳсинга сазовор. Жумладан, ўз вақтида ва долзарб мавзуда, кўпгина саволларга жавоб берувчи манба сифатида вужудга келган, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан нашр этилган “Смута ИГИЛ” китобига юксак баҳо берди.

А.Ашарин, ўзаро ҳамкорликни кучайтириш лозимлигини таъкидлаб ўтар экан, албатта, улар яқин келажакда ўз самарасини беришлигига ишонч билдирди.

Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди.

ЎМИ Матбуот хизмати