Кеча 13 ноябрь куни Наманган шаҳридаги Ёшлар маркази биносида Республика олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ўрта махсус касб-ҳунар таълими Маркази томонидан ўтказилган “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” Республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.

Танловда Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри ҳамда 12 вилоятнинг ўз ҳудудларида ғолибликка эришган касб-ҳунар коллежлари директорларининг маънавий маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этдилар.

Иштирокчилар ўқувчилар ўртасида маънавий тарбияга оид тўртта шарт бўйича беллашишди. Ёш авлодни тарбиялашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган педагоглар йиғилганларга нафақат ўз касбининг, балки турли йўналишлардаги савол-жавоблар ҳамда саҳна маданиятида ҳам юқори даражада иқтидор эгалари эканини намойиш этдилар.

Андижон вилояти шаънини ҳимоя қилган Олтинкўл иқтисодиёт коллежининг маънавий маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Зилола Тоштемирова ҳар бир шартдаги саволларга мукаммал тарзда берган жавоблари ҳамда муассасада ўзи ташкил этган “Андижон зукколари” гуруҳи билан ижро этган саҳна кўринишларини намойиш этиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди.

Кўрик-танлов якунларига кўра биринчи ўринни Андижон вилояти вакили Зилола Тоштемирова, иккинчи ва учинчи ўринларни мос равишда Тошкент ҳамда Фарғона вилояти маънавиятчилари эгаллади.

Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон-Наманган.