Россия ва Франция президентлари Владимир Путин ва Франсуа Олланд ИШИД жангариларига қарши курашда икки давлат мудофаа вазирликлари ва махсус хизматлари ўртасида ҳаракатларни мувофиқлаштиришни таъминлашга келишиб олдилар, деб хабар бермоқда Кремль матбуот хизмати.  

Икки давлат етакчилари телефон орқали суҳбатда ушбу масала бўйича келишувга келдилар.

“Президентлар халқаро террорчиликка қарши курашиш бўйича икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни оширишга алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, Россия ва Франция томонидан Сурияда террорчилик тузилмаларига қарши операциялар ўтказиш давомида икки давлат мудофаа вазирликлари ва махсус хизматлари ўртасида ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва яқиндан алоқа қилишни таъминлашга келишилди”, дейилмоқда хабарда.

Аввалроқ Владимир Путин Франция ҳарбий-денгиз кучлари билан Сурияда денгизда ва ҳавода биргаликдаги ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни буюрган эди. Путин, шунингдек, россиялик ҳарбийлар Сурия соҳилларига авиаташувчи кемаларда яқинлашган франциялик ҳамкасблари билан иттифоқчилар билан ишлагандек ишлашлари кераклигини таъкидлаб ўтди.