Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Покистон Ислом Республикаси бош вазири Муҳаммад Навоз Шариф 18 ноябрь куни Тошкентдаги Мустақиллик майдонига ташриф буюрди.

Олий мартабали меҳмон Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

Шундан сўнг Муҳаммад Навоз Шариф Ўзбекистон Республикаси бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Самарқандга ташриф буюрди.

Покистонлик сиёсатчи Имом Бухорий мажмуаси, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейи, Амир Темур мақбараси ва Регистон мажмуасини зиёрат қилди.

УзАнинг хабар қилишича, Покистон делегацияси аъзолари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган юк автомобиллари ва автобуслар, қишлоқ хўжалик техникалари кўргазмасини ҳам кўздан кечирди. Самарқанддаги JV MAN Аutо Uzbekistan, SamAvto корхоналарида ишлаб чиқарилаётган MAN ва Isuzu русумли юк машиналари, автобуслар ва бошқа транспорт воситалари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Шу билан Покистон Ислом Республикаси бош вазири Муҳаммад Навоз Шарифнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи якунига етди.