Қирғизистонга Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатларидан 1 млрд доллардан кўпроқ инвестиция тушган

Жаҳон 19 Ноябрь 2015 1659

Қирғизистонга Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатларидан 1 млрд доллардан кўпроқ инвестиция тушган. Бу ҳақда Қирғизистон иқтисодиёт вазирлиги матбуот хизмати журналистларга маълум қилди.

“Бугунги кунда ЕОИИ давлатлари ўртасида қўшма корхоналар ташкил этилиб, фаолият юритмоқда. Тўпланган ўзаро инвестициялар ҳажми 23,98 млрд долларни ташкил қилмоқда. Евроосиё тараққиёт банки маълумотларига кўра, улардан Арманистонга 2,21 млрд доллар, Беларусга 7,93 млрд доллар, Қозоғистонга 9,33 млрд доллар, Қирғизистонга 1,15 млрд доллар ва Россияга 3,36 млрд доллар тушган”, деб айтилмоқда хабарда.

Таъкидланишича, ўзаро етказиб беришларни ошириш, ишлаб чиқарувчилар учун тегишли имкониятларни шакллантириш ва мавжуд тўсиқларни бартараф этиш лозим.

“Шунингдек, учинчи давлатлар бозорларига биргаликда чиқиш бўйича механизмларни яратиш кўзда тутилган. Гап қўшма дилерлик ва хизмат кўрсатиш тармоқлари, машина-техник маҳсулотларни сертификатлаштириш ва техник қўллаб-қувватлаш марказлари, махсус қўшма савдо компаниялари ва консорциумлари яратиш ҳақида кетмоқда”, деб қўшимча қилиб ўтилди матбуот хизматида.

Кўпроқ янгиликлар